Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди, деб билдирди Бош прокуратура.
Расман билдирилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 186-(Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207-(Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилди.
28 ноябрда ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.
Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.
Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.
Аммо Суд тиббий экспертизаси ўқувчи электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берганидан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўз хабарини таҳрирлади ва “боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани” айтилган қисмини олиб ташлади.