Тошкент ва Ашхобод тадбиркорлар учун виза тартибини енгиллаштириш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари икки томонлама ҳужжатларни имзолаш чоғида, Тошкент, 2021 йил 5 октябри (president.uz фотоси)

Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартиботини соддалаштириш тўғрисидаги битим ҳамда 2004 йил 19 ноябрдаги Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш ҳақида баённома имзоланди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши “икки мамлакат тадбиркорлари учун қулай шароитлар яратиши ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз”дир.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 4-5 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур ташриф доирасида икки давлат ўртасида транспорт, транзит ташишлар, сувни тежовчи технологиялар, адлия, ижтимоий ҳимоя, статистика, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда бошқа соҳаларни қамраб олувчи 23 та ҳужжат имзоланган, чегарадош ҳудудларда савдо марказларини ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим, Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда корхона ва компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини кенгайтириш тўғрисида битим, Божхона чегарасидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисидаги баённома кабилар шулар жумласидандир.

Қайд этилишича, Г. Бердимуҳамедов Ашхободга қайтиш олдидан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига бориб, Ўзбекистоннинг тўнғич президентини ёд этган. Меҳмонни Тошкент халқаро аэропортидан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кузатиб қўйган.