Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси қурилади

Тошкент вилоятида хорижлик сармоядорлар иштирокида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти томонидан 2 февраль куни имзоланган қарорда қайд этилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Cengiz Enerji San. ve Tic A.Ş.” (Туркия) ҳамда “Cenergo” МЧЖ (лойиҳа ширкати) ўртасида тузилган инвестиция битими тасдиқланган. Унда инвестор ва лойиҳа компаниясининг Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва 25 йил давомида ишлатиш билан боғлиқ мажбуриятлари белгиланган.

Айни пайтда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Cenergo” ширкати ўртасида тузилган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқулланган.

Битимга мувофиқ, лойиҳа ширкати ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда ягона харидор – “ЎМЭТ” АЖга сотиш мажбуриятини олади, “ЎМЭТ” АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади.

Янги қарор билан президент томонидан 2019 йил 13 апрелида имзоланган “Тошкент вилоятида 850 МВт қувватга эга ИЭС қуриш тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган, деб топилган.

Қарор жорий йил 3 февралидан кучга кирган.