Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Фарғона шаҳрида яшовчи Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан жорий йил 26-28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.
Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатов 14 февраль куни миокрад инфарки ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.
Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.
Маълум бўлишича, колония маъмурияти маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаган.
“Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!” деб ёзди ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов.
Марҳумнинг онаси Нигора Қамбаровага кўра, Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби бўлган, бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган ва унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган.
Аёл безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғли шу йил августда манзил колонияга чиқишини ўйлаб, унга келин қидирганини ҳам айтган.
ИИВ ёки Бош прокуратура ҳозирча маҳкумнинг ўлими юзасидан муносабат билдирмаган.
2024 йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.