Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Бекобод ИИБда ўлган фуқаро калтаклангани айтилмоқда. ИИВ биринчи марта таъзия билдирди


Ўтган йил августида Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан 33 яшар гумондорнинг жасади чиққан эди.
Ўтган йил августида Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан 33 яшар гумондорнинг жасади чиққан эди.

Жорий йил 19 июнь куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркак ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини ёзмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) воқеанинг барча жиҳатлари қонун талаблари доирасида очиқ ва адолатли суриштирилишини талаб қилган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлагановга кўра, ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “е”, “к” ва “л” бандларида айбланаётган 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га оид иш жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳри судида кўрилаётган пайтда, 19 июнь куни жанжал юзага келган.

Қайд этилишича, айбланувчининг акалари 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангандан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтарган. ИИББ расмийсига кўра, жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ИИБ ходимлари чақиртирилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари яна қийноқ қўллагани иддао қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:32 0:00

“ИИБ биносига кириш йўлагида фуқаролардан бири 1981 й.т. Д.Ю. соғлиғи ёмонлашиб ҳушини йўқотган. Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борганлар. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этганлиги аниқланган. Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

СТЭ хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади”, дейилади вилоят ИИББ расмий билдиргисида.

Ҳодисага муносабат билдирган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган бўлиб, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда.

“Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади”, дейди ИИВ матбуот котиби.

Бўкада маҳбуснинг ўлими ва норозилик. ИИБ раҳбарияти ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00


Жамоат фаоллари, хусусан, собиқ депутат Расул Кушербоев фуқаро ИИБ ходимлари калтаклаши оқибатида вафот этгани ҳақидаги версияни илгари сурмоқда. Кушербоевга кўра, вафот этган фуқаронинг исми шарифи Дилмурод Юсупвалиевдир.

“19 июнь куни Бекобод шаҳар ЖИБ судида суд қарорига эътироз билдириб, тартибсизлик қилгани учун ИИБ ходимлари фуқаролар ака-ука Дилмурод Юсупвалиев ҳамда Дилшод Юсупвалиев ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган. Сўнгра ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида 1981 йилда туғилган фуқаро Дилмурод Юсупвалиев тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Яқинларига кўра, жараёнлар ИИБдаги видеокамерларга тушган”, деб ёзди Кушербоев ўз Телеграм-каналида.

Собиқ депутат “ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фуқароларга нисбатан ортиқча куч ишлатиши, уларга тан жароҳати етказиши, ўлдириб қўйиши ҳолатларини кескин қоралаши”ни таъкидлаган.

“Ички ишлар вазири бу каби ҳолатлар учун марҳумнинг оила аъзолари ва Ўзбекистон халқи олдида шахсан масъул деб ҳисоблаймиз”, дейди ИИВ тизимидаги зўравонликларни мунтазам равишда танқид қилиб келаётган собиқ депутат.

Кушербоевнинг чақриғидан кўп ўтмай, Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов Телеграм-канали орқали ИИВ ва шахсий таркиб номидан "вафот этган фуқаронинг яқинларига чуқур таъзия" билдиришларини маълум қилди.

Ғиёсов 2021 йил августида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида профилактика инспекторлари томонидан уриб ўлдирилгани иддао қилинган фуқарони "ғирт Худо урган безори" деб атагани учун танқид қилинганди.

Маълум бўлишича, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ака-ука Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевларга нисбатан куч ишлатилгани ҳолатини ўрганмоқда.

Ҳолат бўйича Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати юборилган.

“Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди”, дейилади баёнотда.

Бу Тошкент вилояти ички ишлар идорасида ходимларнинг куч ишлатгани иддао қилинган биринчи ўлим ҳолати эмас.

Ўтган йил декабрида Чипчиқ шаҳар ИИБдан 22 яшар йигитнинг ўлиги чиққан. Расмийлар унинг ўзини осганини иддао қилган эди.

Вилоят маҳаллий кенгашининг собиқ депутати Жаҳонгир Тўлаганов 2023 йил 30 ноябрь куни ўғриликда гумонланиб ҳибсга олинган А.Ў.нинг бурни сингани ва танасида жароҳат излари борлиги ҳақида ёзган.

Омбудсман ҳодисани ҳар томонлама текширишини айтган, аммо ўлим ҳолати юзасидан якуний хулоса эълон қилингани маълум эмас.

Қийноқ иддаолари

Охирги ҳодиса сўнгги бир йилда Тошкент вилояти тергов изоляторларидан чиққан учинчи ўлим ҳолатидир.

Ўтган йилнинг 7 июлида Тошкент вилояти Бўка туманида чорва ўғирлашда гумонланган 36 ёшли фуқаро Усмон Салимбоев ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этгани яқинларининг норозилиги ва қийноқлар билан боғлиқ янги муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳодисага алоқадор икки ходим ҳибсга олингани, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилганини маълум қилган.

Ўтган йил 13 августига ўтар кечаси Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (“Одам ўғирлаш”), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланган 33 яшар Д. У.нинг жасади чиқди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган марҳумнинг жасади ва яқинларининг кўздан кечириш жараёнлари акс этган видеолавҳада Д.У.нинг танасида эҳтимолий қийноқ излари - танасининг қорайган, кўкарган жойлари акс этган.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Д.У. 2023 йил 12 август куни соат 21.30 лар атрофида ўз яшаш хонадонидан Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб кетилган ва унинг жасади 14 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳар моргига берилган.

ИИБ ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилган эркакнинг оиласи қаровсиз қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

2021 йилнинг 26 июнь президент Мирзиёев фармони билан Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошида Қийноқларга қарши Миллий превентив механизмларни амалга ошириш гуруҳи тузилган.

Гуруҳ зиммасига жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини ўрганиш масалалари юклатилган.

Бироқ қийноқлар бўйича ҳаракатлар стратегиясини мувофиқлаштирувчи мазкур ваколатли гуруҳ ҳозирга қадар ИИББ идораларидаги шубҳали ўлим ҳолатлари юзасидан муносабат билдирмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG