Тошкентда кар-соқов аёлни таҳқирлаганлар устидан жиноят иши очилди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 24 ёшли кар-соқов аёлни калтакланишида иштирок этганларнинг шахси аниқланган, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, 25 майдан 26 майга ўтар кечаси соат 03.15 ларда 102 рақамига тез тиббий ёрдам муассасасидан келиб тушган хабарга кўра, 24 ёшли М. В. тан жароҳатлари билан келтирилган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида 24 май куни 28 ёшли М.Д. ўзининг Миробод туманидаги хонадонида икки нафар таниши - 20 ёшли Д.Б. ва 23 ёшли М.М. билан биргаликда 24 ёшли М.В.га тан жароҳатлари етказишган. Бироқ аёл ўзи тушунтириб бермаган сабабларга кўра, ўзи яшаб келган ушбу хонадондан фақатгина 25 майдан 26 майга ўтар кечаси чиққан. Нукус кўчасида М.В. ўтиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган ва оёғидаги жароҳатларни кўрсатган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “в” банди (Қийнаш, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилган хабарномада.

Тошкент шаҳар ИИББ тергов давомида содир бўлган воқеа сабаблари батафсил ўрганилишини билдирган.