Тошкентда сув таъминоти яхшиланиши учун Франция ҳукумати 145 миллион евро ажратди

Франция ҳукумати Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 млн евро миқдорида маблағ ажратишни маъқуллаган. Бу ҳақда Франциянинг SUEZ ширкати ижрочи вице-президенти Эрик Гебали Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан ўтган ҳафта якунида ўтказилган учрашувда маълум қилган.

Учрашувда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича масалалар ҳамда навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида жаноб Гебали ўз ширкатининг Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш режалари ҳақида сўзлаган. Улардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси бўлади. Лойиҳани рўёбга чиқариш ширкат томонидан грант асосида ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

Учрашувда франциялик меҳмонлар шаҳар ва қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктларининг ичимлик суви таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашишга ҳозир эканларини билдирганлар. Мазкур ёрдам вазифаси аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масалаларини зудлик билан ҳал қилишга қаратилган самарали инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобланмиш техник миссияларни Ўзбекистонга юборишдан иборат бўлади.