Тошкентда хитойлик фуқаро жамоат жойида аёл кишига қўл кўтариб жароҳатлади

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фотоси

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган умумий овқатланиш масканларидан бирида хитойлик 39 ёшли S.W. 6 январь оқшомида оила аъзолари билан овқатланиб ўтирган бир аёлга қўл кўтарди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, емакхонада юзага келган ўзаро тортишув чоғида Хитой фуқароси бўлган эркак 36 ёшли К.Д. нинг бош қисмига мушт туширган. Суд-тиббий экспертиза хулосасида аёлга олинган зарба туфайли тан жароҳати етказилгани айтилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан S.W.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иш қўзғатилган”, дейилган Тергов департаменти хабарномасида. Мазкур жиноятни содир этган шахсга, Жиноят кодексига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари шаклида жазо тайинланиши мумкин.

Тергов жараёнида ўзаро жанжалга навбат талашган хитойлик фуқаронинг ўзбекистонлик аёлни инглиз тилида ҳақорат қилгани сабаб бўлгани аниқланган. Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.