Тошкентдаги боғчада тарбияланувчиларига игна тиққан тарбиячилар жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди 122-болалар боғчасида тарбияланувчиларга игна тиққан амалиётчи ўқувчи ҳамда боғчанинг бошқа бир тарбиячига жазо тайин қилди.

Тошкент шаҳар судларининг Telegram-каналида қайд этилишича, суднинг 8 июндаги қарори билан 34 ёшли тарбиячи С. Э. билан 20 ёшли амалиётчи М. Р. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, улардан ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (1 миллион 320 минг сўмдан) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

122-сонли боғчадаги 4-сонли кичик гуруҳда шу йил 11 майидан амалиёт ўтай бошлаган коллеж ўқувчиси ухламаган тарбияланувчиларга игна тиқиб олгани 29 май куни Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.

Бошқарма ўшанда талаба М. Р. амалиётдан четлатилгани, ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қайд этган. Бироқ ММТБ хабарномасида болаларга игна тиқиш ҳолати юзасидан суд томонидан жаримага тортилган тарбиячи С. Э. хусусида ҳеч нарса дейилган эмас.