Тошкентдаги Геология музейи биноси кимошди савдосига қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент марказидаги Шевченко кўчасида жойлашган Геология музейи биносини аукционга қўйди.

Spot нашри хабарига кўра, музейнинг ўзи Мирзо Улуғбек туманида қурилаётган Геология фанлари университети кампусига кўчади. Бу ОТМнинг тамал тоши мамлакат президенти томонидан ўтган йил 31 январида қўйилганди.

Шевченко кўчасидаги музей биноси 1928 йили қурилган. Унинг умумий майдони 2873 квадрат метрга тенг бўлиб, канализация, электр энергияси, газ ва сув билан таъминланган.

Бинонинг бошланғич нархи 27,6 миллиард сўм (тақрибан 2,6 миллион АҚШ доллари). Кимошди учун аризалар шу йил 7 августигача қабул қилиниши, аукционнинг ўзи эса 9 август куни бўлиб ўтиши очиқланган.