Транспорт бошқармаси ўқув йилининг илк кунида Тошкентда юзага келган тирбандлик сабабини изоҳлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри кўчаларида енгил автомобиллар ҳамда йўналишсиз таксилар сонининг кўпайиб кетгани душанба куни тирбандликларни келиб чиқарган, бу эса ўз навбатида автобус ва йўналишли таксилар оралиқ вақтининг ошишига олиб келган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси маълум қилди.

Ўзбекистонда бу йил янги ўқув йили 6 сентябрдан бошланди. Транспорт бошқармаси иддаосича, янги ўқув йили олдидан пойтахтдаги барча автобус саройларида жамоат транспорти йўловчилар оқимининг кўпайишига олдиндан тайёргарлик кўрилиб, ҳаракатланувчи таркиб санитар ва техник кўрикдан ўтказилди ҳамда дезинфекция ишлари олиб борилган.

“Бугунги тиғиз вақтда Тошкент шаҳар ахолисига хизмат кўрсатган жамоат транспортининг 1 397 та ҳаракат таркиби, шу жумладан 850 та автобуслар ва 547 та микроавтобуслар”, дейилган бошқарма хабарномасида.

Транспортчиларга кўра, ўқув мавсумининг биринчи кунида йўналишсиз такси хизматларига бўлган катта талабдан айрим ҳайдовчилар кўпроқ фойда оламан деб сунъий равишда йўналишсиз такси хизматлари нархини кескин ошириб юборган ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.