Туризм соҳаси учун берилган имтиёзлар 2021 йил охирига қадар узайтирилиши мумкин

Самарқанддаги Регистон майдонида юрган туристлар, 2018 йил августи

Ўзбекистонда пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан 9 декабрь куни ўтказилган видеселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризми бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Йиғилишда мазкур имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкинлигини қайд этилган.

“Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпаниямизда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди”, дейилган хабарномада.

Президент зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини урғулаб, Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлигини қайд этган. Шунингдек, зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирган.

Йиғилишда соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланган. Ушбу комиссияга авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш вазифаси топширилган. Ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланиб, Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита олдига 300 та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилган.

Хабарномада келтирилишича, йиғилишда буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги ҳам таъкидланган.

Ўзбекистонда меҳмонхоналар учун жорий қилинган имтиёз ва преференциялар муддатини 2021 йилнинг июнь ойига қадар узайтириш таклифи аввалроқ Отельерлар ассоциацияси раиси Фарангиз Абдуллаева томонидан илгари сурилганди.