Туркия президенти Эрдўғон икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келмоқда

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев туркиялик ҳамкасби Р. Эрдўғон билан (архив сурати)

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жорий йилнинг 29-30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Эрдўғон Тошкентга ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келмоқда.

“Олий мартабали меҳмон ташриф доирасида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Икки мамлакат президентлари ўтказадиган музокаралар кун тартибидан, қайд этилишича, “икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган”.

Бунда асосий эътибор савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишга қаратилиши урғуланган.

Мирзиёев билан Эрдўғон музокаралари чоғида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилиши, шунингдек саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилгани қўшимча қилинган.