Туркиядаги зилзила ҳудудига Ўзбекистондан қўшимча 71 кишилик персонал йўлланди

Газиантепда вайрон бўлган уйлардан бири (иллюстратив сурат)

Бортида 71 нафар қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходими бўлган учоқ 9 февраль тонгида Ўзбекистондан Туркиянинг Газиантеп шаҳрига етиб борган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, мазкур учоқ билан Туркиядаги зилзилада жабр кўрганлар учун гуманитар ёрдамнинг галдаги партияси ҳам етказилган.

Жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида Мудофаа вазирлиги тиббий отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектар майдонга тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган. Ушбу дала шифохонаси Ўзбекистондан келтирилган барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Маълумотни тасдиқлаган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, Туркияга йўлланган ҳарбий-тиббий отряд таркибида тажрибали тиббиёт ходимларидан ташқари кинологлар (хизмат итлари билан) ва таъминотчилар ҳам бор бўлиб, улар ўз йўналиши бўйича барча керакли анжом ва ускуналар билан таъминланган.

Аввалроқ Ўзбекистондан икки учоқ Туркиянинг Адана ва Газиантеп шаҳарларига гуманитар ёрдам етказгани хабар қилинган. Бу учоқларда Ўзбекистон ФВВнинг 100 нафар қутқарувчиси ҳам зилзила ҳудудига йўл олган. Улар айни пайтда Хатай вилоятидаги қидирув-қутқарув ишларида иштирок этаётгани айтилмоқда.