Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистон фахрий консуллиги очилди

Туркиянинг туристик шаҳри бўлган Анталияга ўзбекистонлик сайёҳлар ҳам кўп боради

Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистоннинг Анталия провинциясидаги фахрий консули Бариш Гўкчега 23 май куни экзекватура ва аккредитация гувоҳномасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, маросимда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Анталия провинцияси раҳбари ўринбосари, ишбилармон ва академик доиралар вакиллари иштирок этганлар.

Фахрий консул билан Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини рағбатлантириш, республикага Туркия сармояларини жалб этиш, ички маҳсулотларни Анталия ва Туркия бозорларига экспорт қилишни рағбатлантириш, маданий-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўтган йил ёзида Вазирлар Маҳкамаси ўз қарори билан Ташқи ишлар вазирлигига Туркиянинг Анталия, Адана ва Бурса шаҳарларида Ўзбекистоннинг фахрий консулларини тайинлаш масаласини кўриб чиқишни топширган эди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистоннинг хорижий ўлкаларидаги фахрий консули лавозимига нафақат ўзбекистонлик, балки чет эл фуқароси бўлган шахс ҳам тайинланиши мумкин. Давлатдан маош олмайдиган фахрий консуллар Ўзбекистон ТИВ томонидан лавозимга тайинланади ва ишдан бўшатилади.