“Украинага кетишяпти”. Россия ҳарбийларининг яқинлари қўшинлар ҳаракати ҳақида

Бошқирдистон. Россиянинг Узоқ Шарқидан ғарбга кетаëтган ҳарбий эшелон.

Салкам олти ойдан бери Сибирь ва Узоқ Шарқдан темир йўл орқали ғарбга ташланаётган Россия қўшинлари рус-украин чегарасидан атиги 40 чақирим берида турибди.

Озодлик радиоси рус хизмати ҳамда “Conflict Intelligence Team” (CIT) гуруҳи ҳамкорликда олиб борган қуйидаги суриштирувда мамлакат шарқидаги бўлинмалар қаерга юборилаётгани, “хизмат сафари”га йўлланган аскар ва зобитларнинг қариндошлари, шунингдек ҳарбийларнинг ўзлари бу ҳақда нималар дейишаётгани тўғрисида ҳикоя қилинади.

17 январь куни Александр Лукашенко февраль ойида Беларус ҳудудида “Иттифоқ қатъияти – 2022” Россия-Беларус қўшма ҳарбий машқлари ўтказилишини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеороликларни кузатган мустақил экспертлар машқларда қатнашиш учун йўлга чиққан Россия ҳарбий техникаларининг ҳаммаси ҳам Беларусдаги полигонларга бормаганини, бир қисми Гомель шаҳри яқинида – Украинанинг Чернигов вилоятидан атиги 40 ва Киевдан 90 чақирим масофада жойлашган ҳудудда қолганини аниқлашди.

Армия қисмларининг шарқдан – ғарбга ташланишига бағишланган ўтган суриштирувларда “Conflict Intelligence Team” экспертлари илгари шахсий таркиб ёппасига ташилмаганини, ҳарбий эшелонлардаги йўловчи вагонлари сони эса ташилаётган техникага хизмат кўрсатиш ва полигонларни қўриқлаш учун зарур ҳарбийлар миқдорига деярли мутаносиблигини қайд этишган.

Ўтган ҳафта “ТикТок”да эшелонлар Хабаровск ва Яҳудий мухтор вилояти орқали ўтаётган пайтда суратга олинган бир неча янги видео пойдо бўлди. Мазкур видеолар ижтимоий тармоқда жуда машҳур бўлиб кетган ва юзлаб изоҳлар йиққан. Қарийб ҳар иккинчи изоҳда шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийларнинг қариндошлари ва дўстлари улар “хизмат сафарига” ва “машқларга” жўнатилгани ҳақида ёзишган. Аксар фойдаланувчилар ҳарбийлар бораётган манзилни “Беларус” деб кўрсатган, бошқалар ўзларига таниш ёки қариндош ҳарбий хизматчилар “Украинага” ёхуд “Украина чегарасига” йўлланганини маълум қилганлар.

Изоҳларда кўплаб аёллар ҳарбийларнинг – ўз ўғиллари ёки турмуш ўртоқларининг тақдиридан алағда бўлаётганини англаш қийин эмас: одамлар, яқинлари ғарбга жўнатилгани ҳақида ёзишаркан, Россия билан Украина ўртасида уруш бошланиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини яширишмаган. Ва бу хавотирларни тушунса бўлади: 2014 йилда Донбассга юборилган Россия ҳарбий хизматчиларининг аксарияти у ерга “ўқув машғулотларига” жўнатишмаганини энг охирида билган эди.

Мазкур изоҳлар ҳарбийларнинг “Украинага” ёки “Украина билан урушга” жўнатилгани ҳақида фаразни билвосита тасдиқлайди холос – Хабаровск, Биробиджан, Владивосток ва бошқа шаҳарларда яшовчи оиласида ҳарбийлар бор кишилар ҳам бошқалар каби телевизор кўришади ва янгиликларни муҳокама қилишади. Изоҳ қолдирганларнинг кўпчилиги, жумладан, бўлинма командирлари маълумотига таянганлар ҳам ҳарбийлар айнан Украинага эмас, балки “Украина чегарасига” йўлланганини ёзишганки, бу “Беларусдаги ўқув машқлари” хусусидаги тахминга зид эмас.

Озодлик радиоси ва “Conflict Intelligence Team” гуруҳи изоҳларда келтирилган ва изоҳлар муаллифлари билан ёзишмалар орқали олинган маълумотларни аввалроқ очиқ манбалардан топилган маълумотлар билан солиштирди.

Байкалортидан Брестгача – 11 кунда

18 январь куни бир ҳарбий хизматчининг хотини Озодлик рус хизмати мухбирига хабар ёзиб, 7 январда Байкалорти ўлкасидаги Борзя шаҳридан эшелон билан бирга йўлга чиққан эри ҳозирда Беларуснинг Брест шаҳрида эканлигини маълум қилди. Шунга кўра, поезд Байкалортидан Брестга қадар 11 кун юрган бўлиб чиқади. Бу ҳарбийнинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги профилида у 2014 йилдан бери 36-алоҳид гвардия мотоўқчи бригада таркибига кирувчи 06705-сонли ҳарбий қисмда хизмат қилиши кўрсатилган.

Ягона ўғли “Россия чегарасига хизмат сафарига” кетаётгани ҳақида изоҳ қолдирган Амур вилоятининг Завитинск шаҳридаги истиқомат қилувчи “ТикТок” фойдаланувчиси Озодлик радиоси билан ёзишмаларда ҳарбий эшелонлар 9 январдан 11 январгача – кетма-кет уч кун жўнатилганини билдирди. Айтишича, поездлар “Брянск остонасига” шу ойнинг охирларида етиб бориши кутилмоқда.

“Жанговар бурятлар”нинг қайтиши

Видеоларда акс этган эшелонларда ғарбга кетаётган ҳарбий хизматчиларнинг ўзлари ҳам “ТикТок”да анча-мунча изоҳ қолдиришмоқда. Айримлари, ижтимоий тармоқдаги профиллари ва хабарларига қараганда, Россия қўшинларининг Украина чегарасига силжиши муносабати билан ОАВларда кўп тилга олинган 5-махсус танк бригадаси бўлинмаларида хизмат қилишади – 2014-2015 йилларда Донбассдаги урушда иштирок этиб “шуҳрат қозонган” “Путиннинг жанговар бурятлари” худди шулар.

Ғарбга йўл олганлар орасида Хабаров ўлкасининг Млечник туманидаги 64-мотоўқчи бригада ҳарбийлари ҳам бор. 2015 йилда ҳам уларни дислокация жойидан минглаб чақирим олисга – Ростов вилоятига жўнатишган эди.

“ТикТок”даги хабар тагида изоҳ қолдирган аёллардан бирининг Озодликка сўзлаб беришича, унинг эри Яҳудий мухтор вилоятининг Бабстово қишлоғида жойлашган 69-сонли алоҳида казаклар бригадасида танкчи бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Озодлик радиоси ғарбга ташилаётган шахсий таркиб орасида Хабаровск ўлкасидаги 14-сонли алоҳида гвардия инженерлик бригадаси ҳарбий хизматчилари ҳам борлигини аниқлашга муваффақ бўлди.

“Эртага биз юк ортамиз” дея изоҳ қолдирган бир фойдаланувчи ўз аккаунтида 1985 йилда чиққан Т-72Б русумли танклар акс этган видеони ёйинлади. Унинг “ТикТок”даги бошқа видеосидан танклар Уссурий ўлкасида жойлашган 114-гвардия мотоўқчилар полкига тегишли эканлиги ойдинлашади.

“Хўжакўрсинга” юборилган “спецназ

Кенг кўламли машқлар ёки урушнинг зарурий элементларидан бири (айниқса, шаҳар ва қишлоқларни назоратда тутишга эҳтиёж бўлса) – ҳарбий полициядир. “ТикТок”даги изоҳлардан англашилишича, ҳарбий полициячилар ҳам эшелонларда ғарбга жўнатилмоқда.

“Беларусдаги машқлар”га махсус вазифаларни бажарувчи қўшинлар ҳам йўлланган. Ҳарбий эшелон видеоси остида эри “хизмат сафарига” жўнаб кетгани ҳақида изоҳ қолдирган аёл Озодлик хабарига жавобида бу эрининг биринчи марта “четга чиқиши” эмаслигини айтган, сўнгра эри аслида мамлакатни тарк этмаганини, балки “хўжакўрсинга” Украина чегарасига бориб-келганини қўшимча қилган.

Озодлик “ВКонтакте”дан дастлаб бу аёлнинг профилини, сўнгра у орқали эрининг профилини ҳам топди – эри ўз саҳифасига Қизил майдонда парад олдидан саф тортган “мовий берет”лар суратини қўйган эди. Аёлнинг яшаш жойи – Хабаровск шаҳри. Шундан тахмин қилиш мумкинки, унинг эри 14-“спецназ” бригадасида хизмат қилади (илгари бунақа бригадалар “ГРУ махсус вазифаларни бажарувчи бригадалари” деб аталарди), барча “спецназ” бригадалари ҳаво десантчилари кийимида юришади.

CIT таҳлилчилари интернетдан махсус вазифаларни бажарувчи қўшинларга хос техника (масалан, “Тигр” зирҳли машиналари) юкланаётгани ва ташилаётгани акс этган видеоёзувларни ҳам топишди. Видеоларнинг айримлари Хабаровскда – ҳарбий техника платформага ортилаётган пайтда, айримлари эса йўлда – эшелон Сибирь бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда олинган:

“Аввал – Москвага, кейин – Украинага”

Владивостоклик қиз “ТикТок”даги бир видео тагида “менинг йигитим машқ қилиш учун кетмаяпти”, дея изоҳ қолдирди. У Озодлик саволига жавобида йигитчани “Украинага” жўнатишганини айтди, аммо бу маълумотни қаердан олганини очиқламади. Кейинроқ эса йигит “десантчи-штурмчилар батальони”да хизмат қилишини аниқлаштирди ва навбатдаги хабарларида гап 155-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси ҳақида кетаётгани тўғрисидаги Озодлик тахминини тасдиқлади.

CIT таҳлилчилари 2014-2015 йилларда Украинадаги урушда денгиз пиёдаси, масалан, Шимолий флот денгиз пиёдасининг 61-алоҳида бригадаси ҳам иштирок этганини эслатишди. Россия ҲДФнинг штаби Владивостокда жойлашган Тинч океани флоти 155-алоҳида денгиз пиёдалари бригадасини шарқдан ғарбга ташлаганини “ТикТок”да қолдирилган бошқа изоҳлар ҳам тасдиқлайди.

Техникалар биринчи уринишда қўзғала олмайди”

Катта миқдордаги шахсий таркибни қисқа фурсатда Узоқ Шарқдан Беларусга ёки Россиянинг ғарбий чегараларига фақат темир йўл транспорти ёрдамида етказиш жуда қийин. Айрим изоҳлардан англашилишича, ҳарбийларнинг бир қисми учоқларда ташилмоқда, аммо Озодлик қўшинларни Узоқ Шарқдан Украина чегаралари ёки Беларусга ташишда авиациядан фойдаланилаётгани тўғрисидаги маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлата олмади.

“ТикТок”даги изоҳида бир ҳафтадан бери ҳарбий эшелон билан Узоқ Шарқдан ғарбга кетаётгани ҳақида ёзган бир ҳарбий хизматчи Озодлик радиоси хабарига жавоб қайтарди. Унинг айтишича, ташиб борилаётган техникаларнинг ярми “биринчи уринишда жойидан қўзғала олмайди”, “хизмат сафари”дан мақсад эса “ҳарбий кучни кўз-кўз қилиш”дир.

Озодлик суҳбатдошига кўра, хизмат сафарининг уларга фойдаси – янги уст-бош ва АК-74 (1974 йилги намуна) ўрнига АК-12 (2012 йилги намуна) автоматлари берилгани бўлган.

Кенг кўламли ҳарбий амалиётни ҳарбий полиция, десант ва “спецназ”сиз тасаввур қилиб бўлмайди – Озодлик радиоси рус хизмати ва “Conflict Intelligence Team” қўлга киритган маълумотлар сўнгги ойларда Узоқ Шарқдан Ғарбга (Россия ҳудудига ёки Беларусга) айни қўшин турларига мансуб бўлинмалар ташланганига гувоҳлик бермоқда. Бу қўшинлар 2014-2015 йилларда Россия-Украина қуролли можаросининг фаол босқичида ҳам иштирок этган.

Видеолар остидаги изоҳларда жўнатилаётган ҳарбий хизматчилар сонидан дарак берувчи маълумотлар ҳам учрайди: “700 киши”, “деярли ҳамма шартнома асосида хизмат қилади”, “юзлаб аскар” ва ҳкз. Эътиборга лойиқ яна бир маълумот шуки, Россия-Беларусь қўшма машғулотлари 10–20 февраль кунлари ўтказилиши айтилган бўлса, ҳарбийларнинг қариндошлари уларнинг хизмат сафари 6-9 ой давом этиши ҳақида ёзишмоқда.

CIT таҳлилчилари хулосасига кўра, бу изоҳлар ва ёзишмалар нафақат ҳарбий техника, балки Шарқий ҳарбий округга қарашли айрим тузилмалар шахсий таркибининг каттагина қисми ҳам Украина чегараларига йўлланаётганидан ва мазкур бўлинмалар Беларусда ва/ёки Россия ғарбида анча узоқ қолиб кетиши мумкинлигидан далолат беради.