Умрага авиарейслар 1 февралдан бошлаб ҳар куни амалга оширилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 февралдан бошлаб Умра сафарига ҳар куни биттадан авиарейс амалга оширилишини маълум қилди.

Расман билдирилишича, 10 февралдан бошлаб Саудия Арабистонига рейслар сони кунига 2тага етказилади. Рамазон ойи давомида эса ҳар куни 3 тадан авиақатнов йўлга қўйилади.

16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкентдан Саудияга 22, 25 ва 28 январь кунлари авиарейслар йўлга қўйилгани тўғрисида хабар берганди.

“Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади”,-дейилади хабарда.

2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.