Урганчда чўкиб кетган ўсмирнинг жасади орадан икки кун ўтиб топилди

Урганчдаги "Шовот" канали

Урганч шаҳридаги “Шовот” каналидан икки кун муқаддам чўкиб кетган 16 яшар боланинг жасади топилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, жасадни 1 июль куни Хоразм вилояти ФВВ қидирув гуруҳи топган.

Хабарларга мувофиқ, шу йилнинг 29 июнь куни балоғат ёшига етмаган бола “Жалолиддин Мангуберди” боғи ёнидан оқиб ўтувчи каналда чўкиб кетган. Унинг Янгибозор туманидаги Манғитлар маҳалласида яшаган 9-синф ўқувчиси бўлгани аниқланган.

Ҳ. Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан Янгибозор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.