Uzbekistan Airports Халқаро аэропортлар кенгашига аъзо бўлиб қўшилди

Uzbekistan Airports Airports Council International (ACI) ташкилотига расман аъзо бўлди. Бу ҳақда ташкилотнинг ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airports’нинг Халқаро аэропортлар кенгаши вакиллари билан стратегик ҳамкорликка бағишланган онлайн мулоқотлари 2020 йилнинг охирларида ниҳоясига етган.

“Мулоқотларда Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, йўловчиларга сифатли ва малакали хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, ҳаво дарвозаларини дунё талаблари даражасида модернизация қилиш, парвозлар кўламини кенгайтириш орқали халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон томонидан ташкилотга тақдим қилинган ҳужжатлар бир овоздан маъқулланди”, дейилган хабарномада.

Uzbekistan Airports вакилларига кўра, ACIга аъзолик аввало хизматлар ишончлилигини кафолатлайди. Ўзбекистонда ҳаво транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳа фаолиятини халқаро меъёрларга тенглаштириш, сайёҳликни ривожлантириш, инвестициялар оқимини жадаллаштиришга имкон яратади. Коронавирус инфекциясига қарши глобал чоралар кўриш, авиақатновлар мобайнида йўловчиларни пандемия хавфидан огоҳлантириш ва эҳтиётлаш, бу борада самарали дастурлар ишлаб чиқишда ҳам ACI хизматларига таянилади.

Қароргоҳи Канадада жойлашган Халқаро аэропортлар кенгаши (ACI) 1991 йилда ташкил топган бўлиб, ташкилотнинг Европа, Африка, Осиё, Лотин ва Шимолий Америка давлатларида минтақавий ваколатхоналари мавжуд. Қарийб 670 аъзони бирлаштирган ACI 176 мамлакатдаги 1 минг 979 та аэропортга хизмат кўрсатиб келмоқда. Халқаро аэропортлар кенгашининг фаолияти Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA), Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), Фуқаро авиациясида аэронавигация хизматини кўрсатиш ташкилоти (CANSO) билан ҳам чамбарчас боғлаган.