Ўзбек вирусологияси асосчиси, қатор давлатларда ўлат ва вабога қарши курашган Шабат Хўжаев вафот этди

Профессор Хўжаев Ўзбекистон аҳолисини гепатит вирусига қарши оммавий эмлаш ташаббускори бўлган.

Хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Нью-Йорк академиясининг ҳақиқий аъзоси, профессор Шабат Хўжаев 98 ёшда оламдан кўз юмди, деб хабар берди 12 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги.

Хўжаев 1965 йилда Қорақалпоғистонда юзага келган ўлат, 1966 йилда Туркманистонда ва 1972 йилда Молдовада юз берган вабо эпидемиясига қарши кураш раҳбарларидан биридир. 1972 йилда у Ямандаги вабо эпидемиясига қарши кураш халқаро ҳаракати президенти бўлган.

Шабат Хўжаев 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1946 йилда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган.

1946 йилда Москвадаги СССР Тиббиёт фанлари академиясининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар институтига аспирантурага ўқишга қабул қилинди. У номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, мазкур институтда 1951 йилгача ишлади.

1964 йилда Хўжаев Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида болалар юқумли касалликлари кафедрасини ташкил этиб, 40 йил давомида унга раҳбарлик қилган.

Бундан ташқари у 1967 йилда Ўрта Осиёда илк бор Тошкентдаги 1-клиник юқумли касалликлар шифохонасида вирусология лабораториясини яратди ва Ўзбекистонда биринчи марта грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликлар диагностикаси учун иммунофлуорессенция реакциясини жорий қилди.

1979 йилда Шабат Хўжаев Россиядаги Вирусология институтининг Ўзбекистондаги филиалини тузиб, унга раҳбарли қилди. Кейинроқ бу филиални у Ўзбекистон Вирусология институтига айлантириб, унга 2004 йилгача раҳбар бўлди.

Профессор Хўжаев Ўзбекистон аҳолисини гепатит вирусига қарши оммавий эмлаш ғоясини илгари суриб, уни босқичма-босқич амалга оширди.