Вазир А. Комилов Ўзбекистонда АЭС қурилиши “мутлақо иқтисодий лойиҳа” эканини иддао қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши “мутлақо иқтисодий лойиҳа”лигини иддао қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош дипломати, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, россиялик ва маҳаллий журналистлар учун уюштирилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

А. Комилов қайдича, бугунги кунда АЭС қурилиши Россия билан Ўзбекистоннинг ўзаро келишувига мувофиқ равишда муҳокама қилинмоқда, бугунги кунда бир неча йўналиш бўйича лойиҳани диққат билан ўрганиш ишлари олиб бориляпти.

Бунинг бутунлай иқтисодий лойиҳа эканини айтган ташқи ишлар вазири бу ерда ҳеч қанақа сиёсий мойиллик, бировдан бошқани афзал кўриш йўқлигини иддао қилган.

Нега бунга урғу беряпмиз? Чунки бу лойиҳа доирасида турли ОАВларда турли чайқов фикрлар берилган”, деган А. Комилов гап қайси нашрлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритган эмас.

Вазир Комилов мазкур лойиҳани амалга ошириш учун аниқ иқтисодий асосланиш лозимлиги, унинг мақсадга мувофиқлиги исботланиши кераклигига эътибор қаратган.

Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари тез ривожланиши манзарасида бу масала янада долзарблашган. Мамлакатимиз, масалан, қуёш энергетикаси, гидроэнергетика, шамол энергетикаси ва б.ни ривожлантириш бўйича таклифлар пакети олган. Бундан ташқари, биз Халқаро атом энергияси агентлиги меъёрларига мувофиқ равишда хавфсизлик масалаларини ҳам унутаётганимиз йўқ”, деган А. Комилов.

ТИВ раҳбари АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича ўзбекистонликларнинг ҳам, қўшни давлатларда яшовчи аҳолининг ҳам фикрлари инобатга олинишини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик қозоғистонликлардан айримлари Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи атом электр станцияси қурилаётгани юзасидан хавотир билдираётгани хусусида хабар қилган эди.