Вазир Комилов ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан, Тошкент, 2021 йил 8 декабри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 8 декабрь куни Марказий Осиё ва Италия ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида ноябр ойида Европа Иттифоқи билан ўтказилган икки томонлама ва минтақалараро музокаралар натижалари муҳокама қилинган. Сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Оролбўйида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан қўшма янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилган.

Суҳбат чоғида турли даража ва шаклларда бўлажак тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, 2022 йилда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш бўйича биринчи вазирлар конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан фикр алмашилган.

Музокараларда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари, шу жумладан Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам кўриб чиқилган.

Ташқи ишлар вазирлиги қайдича, чоршанба куни Абдулазиз Комилов Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луижи Ди Маё ҳамда қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Казакбаевлар билан ҳам учрашган.