Вазир ўринбосари аҳолининг 40 фоизи иссиқлик энергиясидан қарздорлигини иддао қилди

Ўзбекистон бўйича етказиб берилган иссиқлик энергияси учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 2 триллион 100 миллион сўмга тенг. Бу ҳақда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов 28 октябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Мулозимга кўра, бугунги кунда иссиқлик таъминоти корхоналарининг газ, электр ва совуқ сувдан қарзи 2,5 триллион сўмни ташкил этяпти.

“Йигирмата иссиқлик таъминоти корхонаси жойларга чиқиб, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Иложи бўлмаган ҳолларда ёзма огоҳлантиришлар тақдим этмоқда, суд органларига мурожаат қилиб, мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда”, деган Қ. Турсунов.

Вазир ўринбосарига кўра, аҳолининг 50-60 фоизи тўлов интизомига амал қилиб келяпти, қолган 35-40 фоиз аҳолига мажбурий чоралар кўрилмаса, тўловни ундириш имконияти чегараланган.

Матбуот анжумани чоғида мулозим мамлакатда иссиқлик тармоқларининг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда эканини ҳам урғулаган.

Шу йил август ойида мазкур вазирлик вакили Равшан Жўраев Ўзбекистонда 4 минг километрга узанган марказлашган иссиқлик тармоқларининг 2,5 минг километр бўлган қисми носоз аҳволдалигини очиқлаган эди.

Мулозим ўшанда республика бўйлаб жами 38 минг 382 та кўп квартирали уй борлиги, шундан 19 минг 490 таси марказий ва маҳаллий қозонхоналар, индувидуал иситиш қозонлари, автоном ва голланд печлари орқали иссиқлик энергияси билан таъминлангани, қолган 18 минг 892 та кўп квартирали уй, бошқа турдаги иситиш ускуналари ва қўлбола иссиқлик мосламаларидан фойдаланиб келинаётганини билдирган.