Вазир Умарова: Физика ва кимё ўқитилишининг бекор қилинишига оид тахминлар асоссиз

Физика ва кимё фанлари қисқартирилиши мумкинлиги юзасидан баҳсларга Халқаро пресс-клуб раиси Ш. Қудратхўжанинг мактабларда ўқитилаётганлар дарсларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келганига оид фикрлари сабаб бўлган

Ўзбекистондаги мактабларда физика ва кимё фанлари қисқартирилишига фикрлар ҳеч бир асосга эга эмас ва бундай хавотирга ўрин йўқ. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.

Вазирнинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда мактабларда физика ва химия каби фанларни ўқитиш бекор қилиниши мумкинлигига оид баҳс-мунозаралар қизигани ортидан берилди.

Мазкур мунозараларга Халқаро пресс-клуб раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжанинг мактабда ўқувчиларга 22 та фаннинг барчасидан дарс бериш қанчалик мақсадга мувофиқлиги юзасидан билдирган мулоҳазалари сабаб бўлган.

“Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Масалан, биз мактабда дарс ўтганимизда физиканинг, химиянинг жуда чуқур ичига кириб кетардик-да. Мен ўзим қийналардим, лекин бу бугун менинг ҳаётимда керак бўлмайди. Бугун энди болаларга балки бошқа фанлардан дарс беришимиз керакдир”, дея савол ташлаган Ш. Қудратхўжа Халқаро пресс-клуб анжуманларидан бирида.

Бунга муносабат билдирган мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланиши, бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлишини урғулаб, мазкур фанларнинг ўқувчиларга ўқитилиши “бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан”, дея билдирган. Мулозимага кўра, аксинча, эндиликда мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотирилиши ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътибор қаратилиши зарур.

Ижтимоий тармоқларда баҳслар ортидан Шерзод Қудратхўжанинг ўзи ҳам пресс-клубдаги мулоҳазалари нотўғри тушунилгани хусусида фикр билдирди. Ректорга кўра, унинг фикрлари контекстдан узилган ҳолда нотўғри талқин қилинмоқда.