Вазирлик: Самарқандда саммит сабабли талабаларга таътил берилишига оид маълумотлар асоссиз

Самарқанддаги талабалар (архив сурати)

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан ҳудуддаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга таътил берилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни рад этди.

Вазирлик қайдича, мазкур хабарлар асоссиз бўлиб, “ўша кунлари Самарқанддаги барча олий ўқув юртларида тасдиқланган ўқув жадвалига кўра дарс жараёнлари одатдагидек давом этади”.

Аввалроқ Озодлик ўзбек расмийлари тарқатган маълумотларга асосланган ҳолда 10 ва 11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилиши, шаҳардаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланиши, шунингдек, саммит муносабати билан Самарқанд халқаро аэропорти 8 ноябрь соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар ёпилиши ҳақида хабар қилган.

Самарқандда жума ва шанба кунлари Турк давлатлари ташкилотининг биринчи саммити ўтказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, саммитда “Евроосиёнинг муҳим стратегик ҳудудларида жойлашган туркий дунё мамлакатлари раҳбарлари иштирок этиши кўзда тутилган”.