Владимир Норов расман ташқи ишлар вазирига айланди

Владимир Норов

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги , 9 сентябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Владимир Норов номзодини кўриб чиққанлар ва маъқуллаганлар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Владимир Норов мамлакат президентининг шу йил 27 апрелидаги фармони билан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган ҳамда унинг зиммасига ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилган эди. Ўшангача у ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, ундан ҳам аввал эса 3 йил мобайнида ШҲТ бош котиби вазифаларида ишлаган.

Норовнинг салафи Абдулазиз Комилов шу йил апрель ойида президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Комиловнинг ТИВ раҳбари лавозимидан кетишига расман унинг соғлиғи сабаб бўлгани айтилган. Аммо Озодликнинг Тошкентдаги манбалари ўшанда Комилов истеъфосини унинг 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан қилган баёноти билан боғлашган. Абдулазиз Комилов ўша баёнотида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаган эди.