ХДП депутатлари ҳокимият вакилига қаршилик учун жазони кучайтиришга оид лойиҳани маъқуллашди

Тошкентдаги парламент биноси

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари 9 август куни ўтказилган галдаги йиғилишда бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилганлар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган. Ўзгартишлар билан, жумладан, Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) биринчи қисми санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда. Бунда жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача ошириш, шунингдек, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазо чорасини киритиш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазосини бир йилдан уч йилгача кучайтириш назарда тутилган.

Хабарномада ХДП жарималар асоссиз оширилишига қарши қатъий позицияга эга экани таъкидланган.

“Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида депутатлар ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратган ҳолда, ҳокимият вакилининг хизмат вазифасини, масалан, уй-жой, бино-иншоот мажбурий бузилиш билан боғлиқ вазиятда қанчалик қонунийлиги, бу жараёнга ички ишлар ходимлари қанчалик тайёр эканликлари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар”, дейилган Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарномасида.

Қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан Олий Мажлис ялпи мажлисига киритиш учун маъқулланган.