Хитой Афғонистонга молларни Ўзбекистон орқали ташимоқчи

Иллюстратив сурат

Хитой Афғонистонга товарларни Ўзбекистон ва Қирғизистон темир йўллари орқали ташишни режалаган. Бу ҳақда TOLOnews Афғонистон темир йўллар бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Айтилишича, Хитойдан Афғонистонга темир йўл орқали тижорат юкларини ташиш сентябрь ойиданоқ бошланади.

“Биз хусусий ширкат дохил уч мамлакат билан келишувга эришдик, бунга оид деталлар яқин орада мувофиқлаштирилиб, охиригача тасдиқланади”, деган Афғонистон темир йўллар бошқармаси раҳбари Бахт Раҳмон Шарафт Ўзбекистонга сафари чоғида.

Хитой ширкати битта рейс билан Афғонистонга 3500 дан 5000 тагача контейнер ташиши кутилмоқда, бу эса юкларнинг Карачи (Покистон) портида ҳафталаб туриб қолиши туфайли юзага келадиган ортиқча харажатларнинг қисқаришига сабаб бўлади.

Хитойдан Афғонистонга тижорат юклари ташилишидан Ўзбекистон қанча фойда топиши мумкинлигига аниқлик киритилган эмас.