Хонанда иши бўйича жиноят иши қўзғатмаган ИИБ ходими ҳаракатларини прокуратура ўрганмоқда

Эстрада хонанда Ж.У.нинг иши бўйича дастлаб жиноят иши қўзғатишни рад этган ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганиляпти. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси маълумот тарқатди.

Вояга етмаган Ш.М.нинг номусига текканликда айбланган Ж.У. Каттақўрғон шаҳар судининг 2 февралдаги ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

“Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлаб терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориб, юз берган ҳолатда бирон-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги асос билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Маълумотларга кўра, каттақўрғонлик терговчи хонанда Ж.У.га нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорни ўтган йилнинг 10 июлида қабул қилган. Мазкур иш бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари жабрланувчи қизнинг яқинлари томонидан 2020 йил 17 июнида Каттақўрғон тумани ИИБ бошлиғи номига ёзилган ариза асосида олиб борилган.

Жабрланувчининг такрорий шикоятидан кейин сентябрь ойида Самарқанд вилояти прокуратураси терговчининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қабул қилган қарорини бекор қилиб, қўшимча текширув ҳаракатлари юритиш учун ишни яна Каттақўрғон туман ИИБ ТБга йўллаган. Шундан сўнг ҳодиса юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан 9 октябрда жиноят иши қўзғатилиб, декабрь ойида хонанда Ж.У. ҳибсга олинган, январь ойида эса бу иш бўйича суд бошланган эди.