Хоразмда онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалди

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалгани тўғрисида 25 май куни Ички ишлар вазирлигирасмий сайтида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, Тупроққальа туманида яшовчи Ғ. Латип спиртли ичимликлар ичишга муккасидан кетган. Онаси унинг бу ишидан норози бўлиб келган. У яна маст бўлиб уйига келганида онаси унга ҳар доимгидай норозилигини билдирган. Бундан ғазабланган Латип онасини ҳақоратлайди.

Шундан сўнг у онасини аёвсиз калтаклай бошлайди. Онаси ундан қочмоқчи бўлади. Аммо Латип уни ушлаб олиб, тепкилайди. Онаси хушидан кетиб йиқилгач, Латип ўз ётоқхонасига кириб кетади.

Эрталаб Латипнинг тоғаси опасидан хабар олгани келади ва унинг қонга беланиб ётганини кўради. Тез орада етиб келган “Тез ёрдам” она уч-тўрт соат аввал вафот этганини аниқлайди.

“Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Латипнинг мастлик ҳолатида одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятни содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили томонидан даъво йўқлигини ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди”, - дейилади хабарда.