Хоразмлик депутатлар Жўрабек Раҳимовни вилоят ҳокими лавозимига тасдиқлашди

Хоразм вилоятининг янги ҳокими Жўрабек Раҳимов Урганчдаги сессияда, 2023 йил 31 марти

Хоразм вилояти кенгашининг 31 март куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган сессиясида Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, Урганч шаҳрида бўлиб ўтган сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган ва унда Ш. Мирзиёев Хоразм вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Ж. Раҳимов номзодини тавсия этган.

Номзод вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, саноатни ривожлантириш, энергетика қувватларини ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш, маҳаллада яшаш шароитларини яхшилаш бўйича режаларини тақдим этгани ортидан депутатлар овоз бериш йўли билан Жўрабек Раҳимовни вилоят ҳокими этиб тасдиқлашган.

Ж. Раҳимов мамлакат президентининг фармони билан 2022 йил декабрида Хоразм вилояти ҳокими в. б. этиб тайинланган эди. Бунгача у қарийб тўрт йил Қўшкўпир туманига ҳокимлик қилган.