ХТВнинг янги вазири тизимдаги аҳволни “қониқарли эмас” деб баҳолади

Халқ таълими вазири Б. Саидов Қашқадарёдаги мактаблардан бирида (ХТВ фотоси)

Қарийб икки ҳафта муқаддам халқ таълими вазири лавозимига тайинланган Бахтиёр Саидов мактаблардаги аҳволни қониқарли эмас, деб баҳолади. Бундай хулосага у ўтган ҳафта вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда учта вилоятга қилган сафари ортидан келган.

Сафар чоғида янги вазир айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашгани ва “ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор”лигига гувоҳ бўлганини қайд этган.

Б. Саидов фикрича, вазиятни ўнглаш учун вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини ошириш керак.

“Синфда 20 нафар боладан 18 нафари фанни зўр билса, демак бу ўша фан ўқитувчисининг ютуғи, демак, у ўқувчиларини ўз фанига қизиқтира олган. Агар шу синф ўқувчиларидан 1-2 нафаригина фандан билими кучли бўлса, демак у иқтидорли ўқувчи ёхуд ота-онаси репетиторга берган, ўқитувчи эса дарс вақтида ўз фанини етказиб бера олмаётганидан далолат”, деган ХТВ вазири.

Мулозим мактаблардаги аҳволни яхшилаш учун ҳудуд раҳбарларининг масъулияти ва ваколатини янада ошириш, билимли, жонкуяр ва фидойи кадрларни топиш, бунинг учун педагогика университетлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини урғулаган.

Бахтиёр Саидовнинг салафи Шерзод Шерматов икки ҳафта муқаддам ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган эди.