“Янги Ангрен” ИЭС ҳавони ифлослантираётган ташкилотлардан бири ўлароқ жаримага тортилди

"Янги Ангрен" иссиқлик электр станцияси (Тошкент вилояти Экология бошқармаси фотоси)

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясининг атмосферага ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори. Бу ҳолат Тошкент вилояти Экология бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган текшириш давомида аниқланган.

Мутахассислар ИЭСдаги чанг газ тозалаш ускуналари (фильтрлари) самарадорлиги 80 фоизга тушиб кетганини ҳам қайд этишган.

“Мазкур ҳолат бўйича атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлиги учун 887 миллион сўм, саноат чиқиндиларини белгиланмаган жойга жойлаштирганлиги учун 116 миллион сўм - жами 1 миллиард 3 миллион сўм компенсация тўловлари ҳисобланди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан 11 нафар мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинганини ҳам қўшимча қилган.

Аввалроқ Экология вазирлиги Газета.uz нашрига Қибрай тумани Салар шаҳарчасида жойлашган “Тошкент иссиқлик электр станцияси” атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқаргани ортидан атроф-муҳитга 1 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқлангани, пировардида ТошГРЭС товон пули тўлайдиган бўлгани ҳақида маълум қилган эди.