ЕИ ва МО вакиллари Тошкентда сиёсат ва хавфсизликка оид масалаларни муҳокама қилишди

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари дипломатларининг Тошкентдаги учрашувидан лавҳа (Ўзбекистон ТИВ фотоси)

Ўзбекистон пойтахтида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклида турли даражада ўтказиладиган тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди. Мазкур муҳокама, ТИВ маълумотига кўра, 1 июль куни сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражали мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги навбатдаги учрашувида бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Тошкентдаги учрашувда Европа делегациясига Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари Энрике Мора бошчилик қилган. Учрашувда айни даражада Афғонистон делегацияси ҳам иштирок этган.

Йиғилишда чегараларни бошқариш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда минтақавий экологик муаммолар кўриб чиқилган.

Учрашув иштирокчилари коронавирус пандемияси шароитида ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашганлар.