Енгил жиноят билан қамалиб чиққанларнинг фарзанд асраб олишига рухсат берилади

Ўзбекистонда бундан буён ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганлар фарзанд асраб олиш ва васийликка олиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бунга оид қонун лойиҳаси 30 сентябрь куни сенаторлар томонидан маъқулланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон қонунчилигида жорий қилинган фарзандликка олиш институтидан фойдаланилган ҳолда 2017 йилда 4 минг нафар бола суд тартибида фарзандликка олинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 4,1 мингтани, 2019 йилда эса 4,3 мингтани ташкил этган.

“Бугунга келиб фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка олганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Оқибатда ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда”, дейилган Сенат хабарномасида.

“Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фарзандликка олиш борасидаги ишлар таҳлили ҳамда қонунчиликда мавжуд тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

Мазкур қонун қабул қилиниши билан бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланиши ва болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса бола савдосининг олдини олишга эришилиши урғуланган.