Етмиш беш ёшни қаршилаган ҳофиз Шерали Жўраевга орден берилди

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Мамлакат президентининг бунга оид фармони 12 апрель куни эълон қилинди.

Ш. Мирзиёев имзолаган ҳужжатда Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевга мазкур мукофот “ўзининг ноёб истеъдоди, кўп йиллик самарали ва бетакрор ижоди билан ўзбек қўшиқчилик санъатини ва миллий маданиятимизни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этишга қўшган беқиёс ҳиссаси, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилиятини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, ижтимоий ҳаётдаги ва жамоат ишларидаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан” берилгани урғуланган.

Юзлаб қўшиқлари билан ярим асрдан кўпроқ давр ичида ўзбек қўшиқчилиги ривожига катта ҳисса қўшиб келган Шерали Жўраев ўтган йил августида ташкил этилган “Ватандошлар” жамоат фондига раис этиб тайинланган эди. Мазкур фонд хорижда яшаётган ватандошларни дастаклаш мақсадида ташкил этилгани айтилган.