ЕТТБ Ўзбекистондаги тўртта банкка 210 миллион доллар қарз беради

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўзининг Савдо-сотиққа кўмак дастури доирасида Ўзбекистоннинг тўртта банкига 210 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди.

ЕТТБ хабарномасида бу маблағнинг 60 миллион доллари “Асакабанк”ка, 30 миллион доллари “Ипотека-банк”ка, 40 миллион доллари “Ўзмиллийбанк”ка, 80 миллион доллари эса “Ўзсаноатқурилишбанк”ка берилади.

Мазкур қарз, халқаро молия институти қайдича, ўзбекистонлик экспортчилар ва импортчиларга Украинадаги уруш ҳамда унинг Россия ва Марказий Осиё иқтисодиётига таъсири туфайли савдо-сотиқда юзага келаётган узилишлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

ЕТТБ маълумотига кўра, шу кунгача банк Ўзбекистондаги 106 та лойиҳага 2,85 миллиард евролик сармоя ётқизган.