Европа суди Россияга Қримда ўлдирилган ўзбекистонликнинг бевасини бадарға қилишни тақиқлаб қўйди

Соҳиба Бурҳонова

Инсон ҳақлари бўйича Европа суди Россияга аннексия қилинган Қримда тинтув чоғида отиб ўлдирилган Наби Раҳимовнинг беваси Соҳиба Бурҳоновани Ўзбекистонга депортация қилишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг Крим.Реалии лойиҳаси ҳуқуқ фаоли Дарья Тренина сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

С.Бурҳонованинг эри Н. Раҳимов 11 май куни Симферополь яқинидаги қишлоқда Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўлдирилганди. Россия куч ишлатар идоралари иддаосига кўра, “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор бўлган бу киши уларга қарата биринчи бўлиб ўт очган ва жавоб ўқи билан ўлдирилган.

Маълумотларга кўра, эр-хотин 1999 йилгача Подмосковьеда истиқомат қилишган, 2015 йили эса Қримга кўчиб ўтишган. Ўзбекистонда Н. Раҳимовга қарши миллий хавфсизлик ва жамоат тартибига таҳдид солганлик, конституциявий тузумга тажовуз қилганлик ҳамда диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳужжатларни сақлаганлик ва тарқатганлик гумони билан жиноят иши қўзғатилгани учун у Россиядан бошпана олган эди. С. Бурҳоновага “бошпана изловчи шахс” берилмаган ва аёл Россия расмийлари назорати остида бўлган ҳудудда ноқонуний юрган, деб ҳисобланарди.

12 май куни Қримдаги суд С. Бурҳоновани Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган. Унинг иши кўрилган суд биноси олдида уни дастаклаш учун бир неча юз киши йиғилган.

Маҳкама ортидан аёлнинг адвокати мазкур қарор юзасидан шикоят аризаси топширган ва Инсон ҳақлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) мурожаат қилган. С. Бурҳонованинг ҳимоячиси Ўзбекистонда унинг учун хавф борлиги ва қийноқ қурбонига айланиши мумкинлигига ишонади. ИҲЕС аёлнинг ҳаёти учун хавф борлигига оид важларни ўринли, деб топган. Шу тариқа С. Бурҳоновани судда унинг шикояти қайта кўрилиб битмагунича депортация қилишни тақиқлашга оид қарор қабул қилинган.