ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари президент сайловига ҳозирликни ўрганиш учун Ўзбекистонга келади

Жорий йилнинг 24-28 май кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига кўра, европалик меҳмонлар Тошкентга октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилажак президент сайлови муносабати билан келмоқда.

Қайд этилишича, мазкур миссия одатда муайян сайловлар бошланишидан бир неча ой олдин мамлакатдаги сайловолди ҳолатини, шу жумладан, сайловга тайёргарликни баҳолаш мақсадида юборилади.

ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан сайловни кузатиш тўғрисидаги қарор Миссия ишининг натижасида берилган тавсияларга кўра қабул қилинади. Миссия томонидан сайловларни кузатиш бўйича талаб қилинадиган тадбирларнинг тури, шакли, давомийлиги ва ҳажми юзасидан ҳам тавсиялар берилади.

Аввалроқ Озодлик ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация ўтган ой охирида Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эди.