Ички ишлар вазирлиги қошидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Бухорода автомобилини Ўзбекистон байроғи рангига бўяб олган ҳайдовчилар жаримага тортилганига оид ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни рад этди.
ЙҲХББ матбуот хизмати маълумотига кўра, 31 август куни Бухоро шаҳрида "Спарк" ҳамда "Ласетти" русумли автомобиллар ҳайдовчилари транспорт воситасининг кузов қисмини мустақиллик байрами муносабати билан бир неча хил рангларга бўяб, шаҳар ҳудудида ҳаракатланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳайдовчилар ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, қоидалар бўйича тушунтиришлар берилган.
“Ходимлар ҳайдовчиларни мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан табриклаб, оқ йўл тилашган. Ҳайдовчилар огоҳлантирилиб, уларга нисбатан ҳеч қандай жарима белгиланмаган”, дейилган ЙҲХББ хабарномасида.