Йўловчи ташиш бўйича тендерлар электрон тарзда ташкил қилинади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда кейинги йилнинг 1 январидан 1 мартигача йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали бириктириш бўйича электрон тизим тест режимида жорий этилади.

Мазкур тартиб, Адлия вазирлиги қайдича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 6 декабрида чиқарилган “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида жорий қилинмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 мартидан шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон тизим орқали ўтказилади.

Қарор билан тендерни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланиб, унда тендер таклифларига қўйиладиган талаблар, ғолибларни аниқлаш, шартнома тузиш ва бошқа қоидалар белгиланган.