“Абитуриент рухсатномаси”ни бериш 1 августдан бошланади

Тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг бакалавриатига кириш учун тест синовларида иштирок этадиган абитуриентларга рухсатнома бериш 1 августдан бошланади.

Давлат тест марказининг 29 июлда билдиришича, бунинг учун онлайн рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. Янги ўқув йили учун онлайн тарзда ҳужжат қабул қилиш 20 июндан бошланган эди.

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 5 августдан бошланиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 27 июль куни маълум қилди. Тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Тест синовлари икки сменада уюштирилиб, биринчи смена соат 7дан, иккинчи смена соат 19дан бошланади. Тест саволлари қисқартирилиб, мажбурий фанлардан улар 10 тадан бўлади.

Абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 70 та тест топшириғи берилади. Максимал балл — 189 баллни ташкил этади.