Афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитиш бўйича меморандум имзоланди

Афғонистонлик толибалар

Афғонистон ҳукумати делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида 20 ноябрь куни икки давлат Олий таълим вазирликлари ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, имзоланган ҳужжатда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида икки давлат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш ҳамда илмий журналларда мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ва тартиби белгиланган.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида афғонистонликларни ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бакалаври даражасига эга бўлишган.

Бугунги кунда марказда 172 нафар афғонистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улардан 119 нафари “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича, 35 нафари “Ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича, 18 нафар эса “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича ўқияпти.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, шу йил декабрида Европа Иттифоқи молиявий кўмаги асосида Афғонистондан яна 10 нафар талабанинг қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келиши режаланган.