АҚШ Оролбўйига 3 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Орол денгизи ҳудуди.

АҚШнинг Project C.U.R.E ширкати ташаббуси билан Сиэтл шаҳридан Қорақалпоғистон аҳолиси учун хайрия лойиҳаси доирасида биринчи гуманитар ёрдам жўнатилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентилигининг 4 майда билдиришича, мазкур лойиҳа Boeing ширкати билан ҳамкорликжда амалга оширилмоқда.

Гуманитар ёрдамнинг биринчи партияси 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилди

“Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг километр) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди”, - дейилади хабарда.

Аввалроқ мазкур юк Ўзбекистон учун Boeing ишлаб чиқарган Dreamliner учоғи орқали Тошкентга етказиб берилиши маълум қилинган эди.