АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси АОКА босими ислоҳотлар руҳига зид эканини билдирди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблюм Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали ёйинлаган постида Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “мустақил оммавий ахборот воситаларига ўтказилаётган босим” юзасидан муносабат билдирди.

“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мустақил нашрларга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилган яқиндаги хатти-ҳаракатлардан ҳафсалам пир бўлди. Ўзбекистон улкан ислоҳотлар бўйича муваффақиятга эришиши учун матбуот эркин ва очиқ бўлиши талаб этилади. АОКА томонидан бўлаётган босим бунга зиддир”, деб ёзган элчи Розенблюм.

Ўтган ҳафта мамлакат жамоатчилиги Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан очиқ зиддиятига гувоҳ бўлганди. Аввалига Кун.уз, сўнгра Газета, Дарë ва Подробно.уз нашрлари АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев номидан ўзларига “огоҳлантириш хати” келганини очиқлашиб, бу борада ўз норозиликларини билдиришганди.

Бунга жавобан АОКА мазкур хатларнинг юборилишига "айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш” кузатилаётгани, “ёлғон маълумотларни тарқатиш фактлари мавжуд”лиги сабаб бўлганини қайд этган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги етакчи нашрларнинг долзарб муаммоларни ëритгани учун президент администрациясидан таҳдид хати олгани юзасидан Буюк Британия ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчилари ҳам хавотир изҳор қилишган.