Бировнинг “хотинини йўлдан урган” ички ишлар ходими ишдан олинди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари иш устида.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими А.Раҳматуллаев “ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги” учун ишдан олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълум қилди.

24 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан уриб, ифлослик қилган Тошкентнинг ГАИси қўлга олинди” деган видео тарқалиб кетган эди.

Видеода Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими экани айтилган эркак Сирдарё вилоятидаги хонадонда бир аёл билан ушлаб олингани акс этган. Видеода эркакнинг юзида жароҳат излари борлиги кўринган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабар беришича, мазкур видео юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

“Текширув хулосасига кўра, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳамда ИИВнинг меъёрий буйруқ талабларини қўпол равишда бузиб, ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги, ходимларга нисбатан фуқаролар томонидан салбий фикрлар уйғонишига сабабчи бўлганлиги учун Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходими А.Раҳматуллаевнинг ички ишлар органларидан бўшатилиши бўйича хулоса қабул қилинган”,-дейилади расмий билдирувда.