Давстатқўм хорижга сотилган олтин миқдорини икки ойдан бери ўзгаришсиз қолдирмоқда

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари мобайнида Ўзбекистон хорижга 5 миллиард 804 миллион 400 минг долларлик олтин экспорт қилган. Бу маълумот Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати томонидан ёйинланган “Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси”га оид галдаги ҳисоботида акс этган.

Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг шу даврида мамлакат 4 миллиард 43 миллион 500 минг долларлик олтин экспорт қилган. Бундан бу йил Ўзбекистон ўтган йилгига қараганда 1 миллиард 760 миллион 900 минг долларга кўпроқ олтин сотгани маълум бўлади.

Эътиборли жиҳати шуки, Давстатқўм хорижга сотилган олтин миқдорини август ойидан бери ўзгаришсиз қолдирмоқда. Аммо янги ҳисоботда қўмита томонидан бунга изоҳ берилган эмас.

Айни пайтда, ҳисоботдан маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган 10 ой ичида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) жами 30 миллиард 59 миллион 400 минг долларга тенг бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 миллиард 250 миллион долларга камдир.

ТСА бўйича Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари ичида Хитой 1-ўринни, Россия 2-ўринни, Қозоғистон эса 3-ўринни эгаллаган.