Ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахслар 8 йилгача қамалиши мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига ер тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилди.

Бундан буён ер участкаларини ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига асосан жазоланади. Адлия вазирлигининг билдиришича, мазкур кодексларга бу борадаги ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) жарима солинади.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бинолар бузиб ташланса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) жарима солиниши мумкин.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар Жиноят кодекси асосида жазоланади.

Жиноят кодексига асосан мансабдорлар БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) жаримага тортилиши, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бинолар бузилган ҳолда мансабдор 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.