ИИВ Қуръонга ҳурматсизлик кўрсатган шахсга қарши жиноят иши қўзғатилганини билдирди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ичида Қуръон оятлари акс этган китоб саҳифаларини йиртиб, оёқларига суртиб, бу видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 29 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини “атеист”, деб таништириб, у томонидан динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби - Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

ИИВ буни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “диний адоватни қўзғатиш ва диндорлар орасида муросасизликни келтириб чиқаришни тарғиб қилувчи маълумотлар”дан бири ўлароқ талқин қилган.

Қайд этилишича, ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида мазкур видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс (унинг исм-фамилияси очиқланмаган) аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинган.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея маълум қилган ИИВ ахборот хизмати.

Хабарномадан “ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида, мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Ш. Т. (ИИВ баёнотида тўлиқ исми келтирилган – таҳр.) эмаслиги аниқланди” деган жумла ҳам ўрин олган, бироқ вазирлик бу изоҳни нима мақсадда бергани мавҳум қолган.

ИИВ, тергов натижасига кўра, жиноят иши бўйича қўшимча маълумот бериб борилишини билдирган.

Вазирлик расмий маълумотида: “фуқароларимиздан юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик каби азалий анъаналаримизга кундалик ҳаётимизда амал қилишларини ҳамда муқаддас динимизни оёқ-ости қилиб, аҳоли орасида ихтилофлар келтириб чиқаришга бўлган уринишлар учун қонунда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз”, дея қайд этилган. Бу огоҳлантирув Ўзбекистонда ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган ёки бирор динга эътиқод қилувчи кишиларнинг ифода эркинлигини чеклашга хизмат қиладими, йўқми – ҳозирча маълум эмас.

Ички ишлар вазирлиги куни кеча ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фойдаланувчиларини турли радикал қарашлар тарғиботи билан шуғулланишдан тийилиш ҳақида огоҳлантирган эди.