Ис газидан заҳарланиб ўлганлар ҳақида давлат қўмитаси президентга қарши маълумот берди

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълумотида ис газидан ўлганлар сони президент айтганидан анча кам.

Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 70 та ҳолат қайд этилди. Заҳарланиш оқибатида 66 кишининг соғлиғига зарар етди, 91 киши вафот этди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг билдиришича, 2020 йилда ис газидан ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 41 кишига кўп бўлган. 2019 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 31 та ҳолат рўйхатга олинган, 21 киши жароҳат олган, 50 киши ўлган эди.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Йиғилишда президент 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.